Коронавирус инфекциясига чалинган пскентлик бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Пскент туманида яшовчи, 37 ёшли М.М.да (эркак) жорий йил 3 июлда ҳансираш, йўтал пайдо бўлган ва уй шароитида даволанишни бошлаган.

Аммо аҳволи оғирлашавергач, шу йилнинг 9 июлда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

«12 июль куни эса беморда ўпка артерияси тромбоэмболияси белгилари бошланган ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Унга „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинди.