Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлар экани қайд этилди.

Президент ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Жорий йилда умумтаълим мактабларини 452 минг ўғил-қиз тамомлади. Уларнинг 70 минги олий таълим, 85 минги профессионал таълимга киради. 95 мингдан зиёди ишга жойлашган тақдирда ҳам, яна 200 мингга яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. Навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланади. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8−9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.

Жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди. Бу мақсадлар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, ўқув курсларини, аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этиш кераклиги таъкидланди.