Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиб, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Таҳлиллар коронавирус билан зарарланишнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш, симптомсиз ва енгил кечаётган беморлар билан олиб борилаётган даволаш ва назорат тадбирларини амалга оширишда янги стратегияларни қўллашни талаб қилмоқда. Республика махсус комиссияси бу борада тезлик билан барча зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин», — дея топшириқ берди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар, жойлардаги ҳокимлик ва бошқарув идоралари ўз ҳудудидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, Республика комиссияси билан келишилган ҳолда карантин қоидаларини қаерда зарур бўлса кучайтириши, қаерда зарур бўлса юмшатиши лозимлигини таъкидлади.

«Барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, имконият мавжуд бўлган ҳамма жойда ишлаб чиқариш корхоналарини ишга солишимиз, меҳнат унумдорлигини оширишимиз керак. Масалан, қишлоқ жойларда аҳоли шаҳардагидек тиғиз эмас. Касаллик тарқамаган ҳудудларимиз ҳам кўп», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бу йилдан бошлаб озиқ-овқат масаласи дунё миқёсида ҳал қилувчи ўринга чиқишини таъкидлар экан, мамлакада доимо уч ойлик озиқ-овқат захираси шай туриши кераклигига урғу қаратди.

«Озгина чидасак, бу кунлар ҳадемай ўтиб кетади. „Сабр қилган муродга етар“, дейди халқимиз. Ишончим комил, ҳар бир ишни етти марта ўйлаб, чидам ва матонат билан амалга ошириб келган эл-юртимиз бугунги синовлардан муносиб ўтиб, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади», — деди давлат раҳбари.