Ўзбекистонлик тилшунослар томонидан чет элликларга ўзбек тилининг бошланғич даражасини ўргатувчи янги «Ўзбекона» дарслиги ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қўлланма хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан A1 даражани эгаллаш имконини берувчи дарслик бўлиб, у 9 та бўлим, 3 та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат.

Ушбу дарслик Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети докторанти Гулрухсор Эргашева ҳамда Ўзбек тили факультети талабаларининг MO’TUL жамоаси томонидан педагогика фанлари номзоди, доцент Саодат Aдилова илмий раҳбарлигида яратилди.

Китобда шу пайтгача мавжуд қўлланма ва электрон ресурслардан фарқли равишда мавзулар тизимли ва изчил ёритилган, интегратив ва коммуникатив методлар уйғунлаштирилган, воситачи тилдан фойдаланилмаган.

«Буларнинг барчаси ўрганувчининг тил муҳитига тезроқ кириб боришини таъминлайди. Шу билан бирга, машқларнинг вариативлиги таъминланган, „оддийдан мураккабга“ методик принципига амал қилинган. Ҳар бир саҳифа, ҳар бир машқда миллийликни акс эттиришга ҳаракат қилинган ва умуминсоний қадриятлар сингдирилган», — дейилади хабарда.

Ушбу дарслик ёрдамида тилни нафақат ўқитувчи билан балки, мустақил ўрганиш ҳам мумкин. Хусусан, ҳар бир бўлим мантиқий кетма-кетликда берилган 5 қисмдан иборат. Ўрганувчи расмлар орқали ҳам янги мавзуни, машқ-топшириқни бажариш йўлини тушуна олади. Дарслик сўнгида синов материаллари, аудиолар, сўзлашиш учун ҳар бир мавзуга тегишли саволлар ва луғат берилган.

Китоб хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.