Ўзбекистонлик қурувчилар 13 июль куни Россиянинг Амур вилояти Свободний туманидаги «Renaissance Heavy Industries» компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида тартибсизликлар уюштришди. Унда 300 дан зиёд ишчилар иштирок этди. Бунга асосий сабаб сифатида ишчиларга уч ой давомида маош берилмагани кўрилмоқда, дея хабар берди Россиянинг РБК нашри.

«Можаронинг сабаби Renaissance Heavy Industries ходимлари ва унинг раҳбарияти ўртасида қўшимча молиявий мукофотлар борасида келишмовчилик бўлган», — дейилади компания баёнотида.

Ишчилар уч ойлик карантин учун иш ҳақи ва тўловларни оширишни талаб қилишди. АНС нашрининг хабар беришича, ишчиларга уч ой давомида маош берилмаган (жами 14,4 млн рублдан ортиқ). Заводга тезкор ҳуқуқ-тартибот органлари чақирилган, улар тартибсизлик иштирокчиларини тарқатиб юборган ва айримларини ҳибсга олган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси юз берган ҳодисани назоратга олиб, Россия Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мунтазам мулоқот олиб бораётганини маълум қилди. Ташқи ишлар вазирлиги бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона бош консули етиб борганини маълум қилди.

«Элчихона россиялик ҳамкорлар билан биргаликда можарони келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш, муаммонинг барча томонлар учун мақбул бўлган ечимни топиш бўйича иш жараёни ва натижалари ҳақида қўшимча ахборот беради», — дейилади вазирликнинг хабарида.

Тартибсизликлар юзасидан Россия Жиноят кодексининг 212-моддаси 2-қисми (оммавий тартибсизликларда иштирок этиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Амур вилояти тергов бошқармаси. Қурилиш майдончаси қуршаб олинган, воқеа жойида тергов гуруҳи ишламоқда.

Амур газни қайта ишлаш заводи 2015 йилдан бери қурилмоқда, бу ерда 2021−2024 йилларда умумий ҳажми 42 миллиард кубометр газ ҳажмли олтита ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш режалаштирилган. Завод Амур вилоятининг Хитой билан чегарадош Свободний шаҳри яқинида жойлашган. Шу ердан «Газпром» компанияси нефть кимё хом ашёси ва тозаланган газни Хитойга етказиб беради.