Коронавирус инфекциясига чалинган қашқадарёлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи, 56 ёшли Б.В. (эркак) жорий йил 5 июль кунидан 10 июлгача тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизлик кузатилган.

11 июль куни эса тана ҳарорати тушмай, ҳолсизлик ва йўтал кучайганлиги ҳамда нафас етишмовчилиги белгилари пайдо бўлганлиги сабабли «COVID-19» инфекциясига намуна топширган ва касаллик тасдиқланган.

«Бемор оғир аҳволда вилоят Фтизиатрия ва пульмонология маркази реанимация бўлимига ётқизилган. Унга „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касалли икки томонлама пневмония оғир кечиши, нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинди.