10 июль куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонини имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фармонда қайд этилишича, «глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда».

Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш режалаштирилган:

  • суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;
  • сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;
  • шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;
  • барча ирригация тизими объектларига Smart Water («Ақлли сув») сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;
  • 100 та йирик сув хўжалиги объектида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;
  • сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

Фармонда қайд этилишича, кластерларга ўз балансидаги қишлоқ хўжалиги экин ерларида жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилади.

Мазкур концепцияда белгиланган вазифаларни 2020−2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харита"си тасдиқланиб, унда сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилади.

«Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини босқичма-босқич камайтириш ҳамда сув хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларини, аутсорсинг ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳисобидан тежаладиган маблағлар сув иншоотларини модернизация қилиш, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш ва ходимларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич оширишга йўналтирилади», — дея белгиланди фармонда.

Ҳужжатда «Концепциянинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатилиши» алоҳида қайд этилди.

Маълумот учун, ҳозирда мамлакатда фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51−53 миллиард куб метрни ташкил этиб, унинг 97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи эса ер остидан олинади ва ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.