Европа Иттифоқи ва Франция тараққиёт агентлилиги 10 июль куни Самарқандда тиббиёт чиқиндиларини хавфсиз усулда йўқ қилиш лойиҳаси учун 1,5 млн евро миқдорида маблағ ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Маблағлар Самарқанддаги чиқиндиларни бошқариш оператори — Maroqand Obod давлат корхонасининг COVID-19 шароитида ҳаракатлар режасига йўналтирилди.

Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳрида тиббиёт чиқиндиларини бошқариш такомиллаштирилиб, шаҳардаги қаттиқ чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш билан шуғулланувчи ходимлар хавфсизлиги таъминланади.

Режа Ўзбекистон ҳукумати, Франция тараққиёт агентлиги ва Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқаришни такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида Maroqand Obod корхонасига техник ёрдам кўрсатувчи Франциянинг Seureca консалтинг компанияси кўмагида ишлаб чиқилди.

«COVID-19 тарқалиш суръатлари ўсмоқда, чиқиндиларни йиғиш ва уларни бошқариш бўйича давлат хизмати ўз фаолиятини давом эттириши ўта муҳим, — деди Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Рафаэль Жозан. — COVID-19га қарши кураш тиббиёт чиқиндиларини ишончли бошқаришни тақозо этади. Чиқиндилар сектори ходимлари энг олд сафдалар, улар юқтириш хавфи остида».

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновнинг қайд этишича, чиқиндиларни бошқариш сектори ходимлари куну тун чиқиндиларни йўқ қилиш билан шуғулланмоқда. Улар фаолиятининг самарадорлиги пандемия билан боғлиқ вазиятни енгиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.