Бугун, 13 июлдан бошлаб ҳафтанинг охиригача Ўзбекистон ҳудудида чилла даврига хос жуда иссиқ ҳаво кузатилади, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Республика ҳудудидаги об-ҳавони атмосферадаги паст босимли майдон белгилайди. Бу ҳолат йилнинг ушбу пайти учун хосдир.

Июннинг охирида ва июлнинг бошида кузатилган нисбатан қулай ҳароратлардан сўнг мамлакатда бу ҳафта Туркманистондан кирадиган ҳақиқий ёз иссиғи бўлиши кутилмоқда.

Шу кунларда ҳарорат кечаси 21−24 даража, кундузи 37−40 даража атрофида бўлади, республика шимоли, жануби ва чўл зонасида эса 42 даражагача кўтарилади.

Бу ёз авжи учун хос бўлган меъёрий кўрсаткичлардан 4−6 даражага юқоридир. Бироқ бундай ҳароратлар мамлакатда деярли ҳар йили кузатилади, дейилади хабарда.

Республика бўйича айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши ҳамда чанг кўтарилиши мумкин.

Мамлакатнинг бутун текислик қисмида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат тоғли ва тоғолди ҳудудларда 13 июлдан 15 июлгача даврда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор, ёғингарчилик асосан куннинг иккинчи ярмида кузатилиши мумкин.