Соғлиқни сақлаш вазирлиги енгил COVID-19 билан касалланган беморларни уй шароитида даволаш бўйича вақтинчалик клиник қўлланмани тасдиқлади (PDF). Ҳужжат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида Миллий инновацион соғлиқни сақлаш палатаси томонидан ишлаб чиқилган.

Қўлланма тез ёрдам шифокорлари, умумий амалиёт, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, терапевтлар, педиатрлар, пульмонологлар, оториноларингологлар, кардиологлар, невропатологлар, реабилитологлар ва ҳамширалар учун мўлжалланган.

Касалликнинг аломатларсиз шакли беморда ижобий SARS CoV-2 коронавирус тести ижобий бўлиб, унда ҳеч қандай асоратлар кузатилмаслиги ва шикоятлар бўлмаслиги билан фарқланади.

Касалликнинг аломатлар кузатиладиган шаклида, кўп ҳолларда қуйидагилар кузатилади:

  • тана ҳароратининг кўтарилиши (83−99%),
  • йўтал (59−82%),
  • умумий ҳолсизлик (44−70%),
  • иштаҳа йўқолиши (40−84%),
  • нафас қисилиши, етишмаслиги (31−40%),
  • мушакларда оғриқ пайдо бўлиши (11−35%).

Бошқа аломатлар орасида томоқ оғриғи, бурун битиши, бош оғриғи, диарея, кўнгил айниши ва қусиш билан бир қаторда, юқоридаги аломатлар оқибатида, ҳид ва таъм йўқолиши ҳам қайд этилган.

Кекса одамларда ва иммунитети заиф одамларда қуйидагилар кузатилиши мумкин: иситмасиз атипик жараён, умумий ҳолсизлик, диққатнинг ва жисмоний фаолликнинг пасайиши, диарея, иштаҳанинг йўқолиши ва делирийнинг (фикр тиниқлигининг йўқолиши) ривожланиши.

Ҳужжатда ёзилишича, болаларда иситма ва йўтал катталарга қараганда камроқ учрайди.

Умуман олганда, қўлланмада касалликнинг қуйидаги енгил аломатлари ҳақида гап боради:

  • тана ҳароратининг 38 даражага кўтарилиши (ёки касалликнинг ҳарорат кўтарилмасдан кечиши),
  • терлашнинг кучайиши,
  • умумий ҳолсизлик,
  • йўтал,
  • безовталик,
  • томоқ оғриғи,
  • томоқ қуриши, кўнгил айниши,
  • қусиш ёки диарея,
  • миалгия ва танадаги оғриқлар,
  • бош оғриғи,
  • таъм ва ҳид сезишнинг йўқолиши.

Ҳужжатда шифокорлар енгил COVID-19 билан оғриётган беморларга уйда симптоматик даволанишни тавсия этишган:

  • иситмага қарши тана ҳароратини туширувчи ва оғриққа қарши дори воситалари (масалан, парацетамол, ибупрофен);
  • ринит ва ринофарингитни даволаш комплекс терапияси (намловчи препаратлар, бурун бўшлиғи учун томизғи дори воситалари);
  • бронхитни комплекс даволаш (йўталга қарши, бронхолитик воситалар ва бошқа дори воситалари);
  • балғамни йўқотиш, шиллиқ пардаларни намлаш ва сув мувозанатини сақлаш учун тез-тез иссиқ суюқлик ичиш.

«Енгил COVID-19 ни ўтказаётган беморларга даволаш ёки профилактик мақсадларда антибиотиклар тавсия этилмайди. Антибиотиклардан кенг фойдаланишга йўл қўйилмаслиги керак, чунки улардан фойдаланиш бактериал қаршилик даражасининг ошишига олиб келиши мумкин», — дейилади қўлланмада.

Ҳужжатда илова қилинган беморлар учун эслатма варақасида ёзилишича, COVID-19 енгил кечаётган ҳолатларда махсус даволаш чоралари қўлланилмайди.

«Ҳозирда ушбу инфекцияни даволаш учун рўйхатдан ўтказилган дори воситалари йўқ», — дейилади эслатмада. Шунингдек, шифокор маслаҳатисиз парацетамолдан ташқари бошқа тана ҳароратини туширувчи воситалардан фойдаланиш тавсия этилмайди.

Уйда парвариш қилиш масаласига келсак, беморларни алоҳида, ҳаво яхши айланадиган хонада изоляция қилиш тавсия этилади. Беморга сурункали касалликлари йўқ, нисбатан соғлом оила аъзоси қараши мумкин. Бемор ва унинг хонасига кирган оила аъзолари ҳам ниқоб кийишлари ва қўллар гигиенасига риоя қилишлари керак. Беморга алоҳида чойшаб ва идишлар ажратиш керак. Беморнинг кийимлари 60−90 даража ҳароратда ювилиши керак.

Шифокорлар учун беморларни кузатиш алгоритми қуйидагича:

  • ҳудудий шифокорлар томонидан ҳар куни қўнғироқ орқали алоқа;
  • умумий ҳолатни, тана ҳароратини баҳолаш, шикоятларни аниқлаш (йўтал, нафас қисилиши, ҳолсизлик, терлаш, диарея, тошма, миялгия (мушак оғриғи)), сатурация (қонда кислород даражасини аниқлаш);
  • видео-маслаҳат (зарур ҳолатларда, ҳар уч кунда камида бир марта)

Кузатиш даврида клиник аломатларнинг (иситма, йўтал, нафас қисилиши, нафас қисилиши) кўпайиши билан беморни юқумли касалликлар шифохонасига юбориш зарур.

Касалликнинг енгил шаклини ўтказаётган беморларда тана ҳароратининг кўтарилиши ва нафас олишнинг қийинлашиши каби аломатлар кузатилмаса, битта салбий тест натижасидан сўнг тиббий кузатувдан чиқарилади.