Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев эпидемиологик вазият туфайли мамлакатда карантин режими яна икки ҳафтага узайтирилишини маълум қилди.

«Карантин фуқаролар ўзини ўзи ҳимоя қилиш чораларига қатъий риоя қилган шароитда уларнинг саломатликлари учун зарур», — деб ёзди Твиттерда.

«Барқарорликнинг дастлабки аломатларини таъминлаш лозим, бу икки ҳафта ҳал қилувчи бўлади. Ҳукумат эҳтиёжмандларга июль учун 42,5 минг тенгедан (мамлакатдаги энг кам иш ҳақи, 100 доллардан сал кўпроқ — таҳр.) тўлайди», — дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ эълон қилинган фавқулодда ҳолат режими вақтида икки ой давомида қозоғистонликлар 42,5 минг тенгедан олди. Мазкур ижтимоий тўлов 4,6 миллион кишига берилгани маълум қилинди.

Қозоғистонда COVİD-19 ҳолатлари кўпайгани сабабли 5 июлдан икки ҳафта муддатга карантин кучайтирилган эди. Жумладан, ҳудудлар ўртасида автобуслар ҳаракати тўхтатилди, жамоат транспорти фаолияти чекланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда қарийб 59,9 мингта коронавирус ҳолати қайд этилган, COVİD-19 аниқланган 375 бемор вафот этган.