Тошкентда қандли диабет ва жигар циррози билан оғриб келган бемор коронавирусга чалиниб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Учтепа туманида яшовчи 65 ёшли аёл С.Қ.да жорий йил 9 июль куни «COVID-19» тасдиқланган ва ўткир нафас етишмовчилиги билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги билан кечган.

У, шунингдек, қандли диабет, гипертония ва жигар циррози касалликлари билан ҳам оғриб келган. Шифохонада беморнинг даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 62 нафарга етди.