Тошкентда коронавирусга чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Олмазор туманида яшовчи 53 ёшли М.К. (аёл) Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанган.

Унга «COVID-19» оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония ҳамроҳ касалликлари билан оғриган.

Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Ушбу ҳолат билан Ўзбекистонда расман тасдиқланган коронавирусдан вафот этганлар сони 58 нафарга етди. Жумладан, 11 июль куни 3 киши ушбу инфекция асоратлари сабабли ҳаётдан кўз юмди.