12 июль куни Ўзбекистонда 484 ҳолатда коронавирус қайд этилиб, жами ҳолатлар 12997 тага етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Янги ҳолатларнинг 219 таси карантин муассасаларида, 265 таси аҳоли орасида аниқланди.

Шу билан бирга, бугун Тошкент шаҳрида 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 129 нафар фуқаро соғайди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 12997 нафар бемордан 7852 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 60 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 5085 нафар бемордан 43 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 50 253 нафар, стационар карантинда эса 25 482 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.