Сеулнинг бедарак йўқолган мэри Пак Вон Сун ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда 9 июль куни Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги полиция вакилига таяниб хабар берди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.

Хабарда қайд этилишича, 64 ёшли мэрнинг йўқолгани ҳақида унинг қизи хабар берган. Ҳокимнинг жасади Сеул марказидаги Пугахан боғидаги ўрмонли тепаликда, 600 нафар полиция ва ўт ўчирувчилар, итлар ва дронлар иштирокидаги етти соатлик қидирувдан сўнг топилган.

Полиция расмий вакили Пак Вон Сун ўз жасадида аниқ қотиллик белгилари кўринмаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, вакил журналистларга марҳумнинг жасади тиббий экспертизадан ўтказилгандан сўнг аниқ ўлим сабаби аниқланишини таъкидлади, деб ёзади ТАСС.

Сеул мэрининг жасадини олиб кетаётган тез ёрдам Сеул миллий университети касалхонасида тўхтади. Фото: Yonhap.

Yonhap агентлигининг хабар беришича, пайшанба куни соат 16:40 (12:40) да Сеул шаҳри мэри давлат ривожлантириш бўйича комиссия раиси Ким Са Ёл билан учрашиши керак эди. Аммо соғлиғи ёмонлиги сабабли Пак Вон Сун иш жойига бормаган.

Сеул мэрининг қизи отаси уйдан чиқишдан аввал васиятномага ўхшаган мактубни қолдирганини маълум қилди. Унинг иш столида топилган мактубни мэрнинг бош котиби оммага эълон қилди.

«Мен ҳаммадан узр сўрайман. Ҳаётимда мен билан бўлганларнинг барчасига миннатдорман. Мен оиламга фақат оғриқ етгазганим учун доим афсусдаман. Илтимос, танамни кремация қилинг ва кулини ота-онамнинг қабри устига сочинг. Барчага хайр», — деб ёзган Сеул мэри ўзининг хайрлашув мактубида.

Жанубий Кореянинг баъзи оммавий ахборот воситалари сиёсатчининг ўлимини жинсий зўравонлик билан боғлиқ айбловлар билан боғламоқда. «Ҳангук конжҳе» газетасининг ёзишича, бир кун олдин мэрнинг собиқ қўл остидаги ишлаган ходими Пак Вон Сунга қарши полицияга шикоят қилган. Журналистлар билан учрашувда полиция ходими ариза чоршанба куни берилганлигини тасдиқлади, аммо тафсилотларни аниқламади, деб хабар беради The Guardian.

Қонунга кўра, Пак Вон Сун вафотидан кейин мэрнинг вазифалари 2021 йил 7 апрель — маҳаллий сайловлар ўтказилгунга қадар унинг маъмурий ишлар бўйича ўринбосари Со Жунг Хюп томонидан бажарилади.

Пак Вон Сун 1982 йилдан бери адвокат бўлиб ишлаган ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланган, деб ёзади BBC.

1970 йилларнинг охирида у Пак Чун Хи диктатурасига қарши талабалар норозилик намойишларида қатнашгани учун Сеул миллий университети сафидан чиқариб юборилган. У ҳайдалганидан кейин бир неча ой қамоқда ҳам ўтирган. 1993 йилда у Гарвард юридик мактабида илмий ходим сифатида фаолият юритган.

Сеул мэри лавозимида Пак Вон Сун шаҳарни ободонлаштириш ишлари билан фаол қатнашган. 2013 йилда у Сеул метроси ва шаҳарлараро поездларда йўл ҳақи оширилишини бекор қилишга муваффақ бўлган.

Пак Вон Су мамлакатда ҳукмрон Тобуро Демократик партиясининг аъзоси ва 2011 йилдан бери Сеул мэри лавозимида ишлаб келган. Кўпчилик уни 2022 йилги президент сайловларида эҳтимолли номзод деб ҳисоблаётганди.