Жума ва шанба кунлари Ўзбекистонда ҳаво бироз ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Шарқий Қозоғистондан кираётган бироз салқин ҳаво оқими Ўзбекистонда кундузги ҳароратнинг пасайишига олиб келди. Жума ва шанба кунлари кундузи ҳаво ҳарорати 32−35 даражани, Республика шимоли, жануби ва чўл зонасида эса 37−39 даражани ташкил қилади. Тунги ҳарорат 19−24 даража атрофида сақланиб қолади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метрга кучайиши мумкин.

Якшанба куни Ўзбекистоннинг текислик ҳудудида об-ҳаво қуруқ ва очиқ бўлади, фақат республиканинг тоғли туманларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Нисбатан салқин ҳаво оқими таъсири якшанба куни ҳам сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечаси 19−24 даража атрофида, кундузи 32−37 даража бўлади, мамлакатимиз жануби ва чўл зонасида 39 даражагача исийди. Бундай ҳароратлар куннинг иқлимий меъёрларига яқин, дея таъкидлади синоптиклар.