Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг бош шифокори ҳибсга олингани ҳақида маълумот тарқалди. «Газета.уз» сўровига биноан ушбу хабарга Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматида изоҳ берди.

Унга кўра, Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахсларининг асосий вазифаси мамлакатда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинганлиги муносабати билан вилоятда санитария ва эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўлсада, президентининг фармони асосида ташкил қилинган Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағларни мақсадсиз сарфлагани гумон қилинмоқда.

Жумладан, марказ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари жами 509 млн 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, жиноят ишининг тергови давомида марказ омбор мудирига ва марказ бош врачига ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, «қамоқ» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Ҳозирда, жиноят иши доирасида ҳолатга алоқадор бошқа шахсларнинг айблилик масаласи ҳал қилинмоқда. Шунингдек, марказнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларнинг турар жойларида тинтувлар ўтказилганда, марказ раҳбарининг хонадондан 6 дона кўп тармоқли даволаш ва 1 дона ташхис қўйиш ускуналари ҳамда марказнинг 2019 йил учун юритилган буйруқларни рўйхатга олиш китоби, хўжалик мудирининг хонадонидан 8 тўплам инфекцияга қарши махсус ҳимоя кийими ва 5 турдаги тиббий ҳимоя воситалари олинган», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, жиноят иши бўйича Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Бош прокуратурага таяниб хабар берганимиздек, Навоий вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг мансабдар шахслари Т ва I-P компанияларидан (компания номлари қисқартирилган) кимёвий дезинфектсиялаш воситалари ва тиббий ниқобларни ошириб юборилган нархда сотиб олган, бу эса 222,3 миллион сўмни ўғирлашга олиб келган.