Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда айбланган Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев биринчи инстанция судида айбсиз деб топилди, дея хабар берди ЎзА.

5 июнь куни Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида ҳоким ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев ўқитувчиларни мажбурий обуна ва меҳнатга жалб қилгани учун 15 миллион 610 минг сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар эълон қилинган эди.

Хабарга кўра, ҳоким ўринбосари мактаб директорларига январь ойида газета ва журналларга обуна бўлиш ҳақида топшириқ берган, мактаб микроҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказишда ўқитувчилардан ёрдам сўраган. 28 май куни эса эрталаб соат 6:45 да ёшлар етакчиси ва яна бир нафар ходим билан бирга тумандаги барча мактаб директорлари ва 80 нафардан ортиқ ўқитувчини ўт юлиш ва ерни чопиқ қилиш, юмшатиш кўринишидаги мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Ҳоким ўринбосари Б.Мамадалиев ўзига нисбатан чиқарилган қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилган.

Зангиота тумани маъмурий судида бўлиб ўтган суд мажлисида Бахтиёр Мамадалиев ҳуқуқбузарлик фактларини инкор қилиб, ўзига қарши қарор далилларсиз, бир томонлама қабул қилинганини ва ҳеч кимни обуна бўлишга, мажбурий меҳнатга жалб этмаганини маълум қилди.

Бахтиёр Мамадалиев Тошкент вилояти ҳокимининг меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармойиши ва Зангиота тумани ҳокимининг фармойишига кўра «Бир жамоага бир газета» акцияси эълон қилингани муносабати билан 2020 йил учун газета ва журналларга обуна ташкил этиш бўйича тарғибот ишлари билан шуғулланганини таъкидлади.

Судда гувоҳ тариқасида сўралган Зангиота тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи А.Раҳматуллаев Зангиота тумани ҳокими ўринбосари Б.Мамадалиев қўнғироқ қилиб, 28 май куни ходимларни йиғиш кераклигини, мактабларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида гаплашиб олиш кераклигини айтганини, лекин йиғилиш бўлмаганини маълум қилди.

Обуна ишлари эса ихтиёрий равишда амалга оширилгани, мактаб микроҳудудида яшовчи кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказиш ва ҳисоботларни ҳокимиятга топшириш тўғрисида ёрдам сўралгани, буни тўғри тушунган ҳолда бу масалада ёрдам берилгани, ҳеч кимни мажбурий меҳнатга жалб этмаганини баён қилди.

Суд ўз қарорида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги кўрсатилганини қайд этди.

Зангиота тумани маъмурий суди судьяси А.Абдураззоқов туман ҳокими ўринбосари Б.Мамадалиевнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари ўз тасдиғини топмаганлигини эътиборга олиб, Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Ў.Турсунбоевнинг 3 июндаги Б.Мамадалиевга 15 миллион 610 минг сўм жарима солиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш ва унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни тугатишни лозим деб топди.

«Аммо суд мажлисида мансабдор шахснинг ўзи ҳам бевосита иштирок этгани учун ҳам айрим гувоҳлар аввалги кўрсатмаларини ўзгартирди. Инобатга олиниши керак бўлган, рад қилиб бўлмайдиган фактларимиз бор. Шунинг учун ҳам биз бу иш бўйича протест келтирилиши учун прокуратурага мурожаат қилдик. Иш кассация инстанциясида кўриб чиқилиши учун ҳам ариза топширилди. Демак, иш ҳали якунига етмаган, суд жараёнлари яна давом этиши кутилмоқда», — деди Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Ўткир Турсунбоев ЎзАга.

Хабарда таъкидланишича, иш ҳали якунига етгани йўқ, суд жараёнлари яна давом этиши кутилмоқда.