Ўзбекистон президенти қарорига асосан Жамшид Абруев Молия вазири ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар берди вазирликнинг матбуот хизмати.

Тайинловга қадар, Жамшид Исмаилович Абруев Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи лавозимида самарали фаолият юритиб келган.

Маълумот учун, Жамшид Абруев (1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган) 1999 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ва 2004 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетларини тамомлаган.

Ж. Абруев ўз фаолиятини 2000 йилда Самарқанд шаҳар Темир йўл тумани халқ таълими бўлими «Марказлашган хисобхона» ҳисобчиси, бош ҳисобчи ўринбосари лавозимида бошлаган. 2004 йилдан 2012 йилга қадар Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Молия бошқармаси 1-тоифали иқтисодчиси, етакчи иқтисодчиси, бош иқтисодчиси, бўлим бошлиғи муовини лавозимларини эгаллаган.

Молия вазирлиги тизимида Ж. Абруев 2012 йилда Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармасининг Умумий ўрта ва мактабгача таълимни молиялаштириш бўлими етакчи иқтисодчиси сифатида бошлаган, кейинчалик бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

2017 йилда Молия вазирлиги Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиқ ўринбосари. 2017 -2018 йилларда эса Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 7 июль куни президентининг қарори билан соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига Молия вазири ўринбосари бўлиб келаётган Шахрух Шарахметов тайинланганди.