Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва БМТнинг Тараққиёт дастури афғон аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайишини қўллаб-қувватлашга қаратилган чегаралараро ташаббус доирасида улар Ўзбекистонда таълим грантлари асосида таҳсил оладилар. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонаси хабар берди.

Маълумотга кўра, лойиҳанинг мақсади — ўз юртларида таълим ва иш билан таъминлашда эркакларга қараганда номутаносиб тўсиқларга дуч келаётган афғон аёллари учун таълим олиш имкониятларини тақдим қилишдан иборат.

Умуман, Афғонистондан келган 50 нафар аёл Қозоғистон ва Ўзбекистон университетларида ўқиши ва битириши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида, 2019 йил октябр ойида Афғонистонлик аёлларнинг биринчи гуруҳи статистика, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон соҳаларида таълим сафарларини бошлаш учун Қозоғистонга ташриф буюрди. Бу йил эса яна 20 нафар талабага таълим гранти берилади. Улар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини, Қозоғистонда эса кончиликни ўрганадилар. Ихтисослашган таълим олишдан олдин талабалар тил курсларини ўташлари керак бўлади.

Афғонистонлик аёллар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ўрганадилар ва ўқишни тугатгандан сўнг уларга техник ва касбий таълим тўғрисидаги гувоҳномалар топширилади. Афғонистонлик ёш аёллар Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида, Тошкент давлат аграр университети кўмаги остида, ўқийдилар.

Европа Иттифоқи ушбу ташаббус учун 2 миллион евро миқдорида грант ажратди, лойиҳани БМТТД 2025 йилгача амалга оширилишини таъминлайди.

«Аёллар ўз миллий иқтисодиётиётлари ўсишига асосий ҳисса қўшувчилардир. Шунга қарамай, улар таълим олиш, муносиб меҳнат ва тенг маош олиш имкониятига эга бўлиш йўлида кўпинча ижтимоий тўсиқларга дуч келишади. Малакалари ортиши билан аёллар хусусий ёки давлат секторида юқори даражадаги иш жойларига эга бўлишлари кутилмоқда, бу уларга ўз мамлакатлари ривожига самарали ҳисса қўшишга имкон беради» — дейди Эдуардс Стипраис, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси.