10 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10838 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 78 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 29 нафари Тошкент шаҳрида, 10 нафари Сурхондарё вилоятида, 5 нафари Хоразм вилоятида ҳамда яна 5 нафари Жиззах вилоятида аҳоли орасида, 17 нафари Навоий вилоятида ва 15 нафари Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 4384 киши даволанмоқда. Улардан 42 нафари оғир, 10 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 7287 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган. 52 нафар киши ҳаётдан кўз юмган.