8 июль куни Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди ҳукми билан қамоқдан озод этилди ва унга нисбатан очилган жиноят иши тўлиқ тўхтатилди, дея маълум қилди унинг адвокати Арслон Шаймардонов «Газета.uz»га.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича айбланган ва унга нисбатан иш кўзғатилиб, Давлат хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.

«Фуқаролар Давлат хавфсизлик хизмати органларига мурожаат қилишди (жабрланувчиларни ҳимоя қилиш зарурати туфайли исмлар эълон қилинмайди), Юсупов ўзини махсус хизматлар ходими сифатида таништириб, улардан фирибгарлик билан 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ долларини олган», — дея хабар қилган эди шунда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Шундан бир оздан сўнг, ижтимоий тармоқларда Саид-Абдулазиз Юсуповнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номига йўллаган видеомурожаати тарқалди. Видеомурожаатда Юсупов унга нисбатан туҳмат ва тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақида сўзлайди.

Кейинчалик маълум бўлишича, у Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 211 (пора бериш) ва 28 (жиноят иштирокчиларининг турлари) моддалар бўйича жиноятларда ҳам айбланган. «Газета.uz» ушбу суд иши ҳақида батафсил ёзганди.

2019 йил 7 июнь куни айбланувчининг онаси Жамила Бакаева Бош прокуратура раҳбарияти томонидан қабул қилинганида, тергов давомида ўғлига нисбатан қийноқ қўлланилгани, шу сабабли у ўғлининг адвокати иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилди. Аммо Бош прокуратура текшируви пайтида қийноқ аломатлари топилмади.

2019 йили сентябрь ойида бўлиб ўтган Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд бошланди. Суднинг ҳукмига кўра, айбланувчига 6 йил қамоқ жазоси берилди.

Мазкур масала юзасидан адвокати Арслон Шаймардоновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ноябрь-декабрь ойларида судда кассация шикоятида кўриб чиқилиши жараёнида Саид-Абдулазиз Юсупов жиноий иш бўйича етказилган зарарни қоплаганидан кейин озодликка чикарилиши белгиланган эди, аммо «техник сабабларга кўра» бу амалга оширилмади.

«Ўша ҳукм бўйича прокурор 8 йил сўраганди, 6 йил қамоқ жазоси берилди. Биз зарарни қопладик ва у озодликка чиқарилиши керак эди. Кейин яна бошқа нарса қидириб топилиб, янги эпизодлар очилиб, яна бошқаттан уни қамоққа тиқиб қўйишди. Демак, шу пайт кимгадир унинг чиқиши керак бўлмаган», — дея таъкидлади адвокат.

Унинг сўзларига кўра, шу тарзда 2019 йил май ойидан шу бугунги кунга қадар тергов жараёни давом этди. Саид-Абдулазиз Юсупов ушбу муайян давр давомида ДХХ тергов изоляторида бўлган.

«Ўртада у Тоштурмага „меҳмон“ бўлиб келди икки ҳафтага, кейин ҳам даволанди бир нечта марта. Худога шукур, яхши ташкилотлар уни даволаб беришди текинга (унинг қон-томир касаллиги бўлган — таҳр)», — деди Арслон Шаймардонов.

8 июль куни Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди ўзининг қамоққа олиш чорасини ўзгартириб, унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди ва у суд залидан озод этилди.

«Унинг қамоққа олиш чора ўзгартирилди. У озодликка чиқди. Билмайман, қандай етказилган зарар у, лекин етказилган зарар қопланди ва шу билан у озодликка чиқди. Зарар миқдорини айтолмайман. Ҳозирда Саид-Абдулазиз Юсупов уйда, ўзининг оила аъзолари ва болалари билан бирга», — деди унинг адвокати.