Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг COVID-19 даврида Меҳнат муносабатлари бўйича глобал саммити иштирокчиларига мурожаат йўллади, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Женева шаҳрида бўлиб ўтган мазкур онлайн саммитда 80 дан ортиқ давлат, ҳукумат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси раҳбарлари иштирок этди.

Вазирлик хабарида маълум қилинишича, ХМТ раҳбари Гай Райдер таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев онлайн ташкил қилинган глобал саммит иштирокчиларига ўз мурожаатини йўллади.

Унга кўра, давлат раҳбари пандемия ва бошқа глобал муаммоларга самарали ечим топиш учун биринчи навбатда келишилган ҳаракатлар зарурлигини таъкидлаб, БМТ шафелигида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу кодексда давлатларнинг ўз фуқаролари ва халқаро шериклари олдидаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги энг кам шартлари ва мажбуриятлари белгилаб қўйилиши кераклиги қайд этилди.

Жумладан, биринчидан, чеклов чоралари фақат вақтинча, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига мажбурий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Бундай чоралар халқаро савдога, айниқса тиббий маҳсулотларга, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилмаслик бўйича хавфларга мутаносиб бўлиши шарт.

Иккинчидан, пандемиянинг тез тарқалиши тизимли, ўз вақтида ва самарали профилактик чораларни кўриш зарурлигини, шу билан бирга, пандемия эълон қилинган вақтда соғлиқни сақлаш соҳасига ортиқча юкламалар юзага келишига йўл қўймаслик кераклигини кўрсатди.

Профилактик чоралар сифатида эса, биринчи навбатда, прогноз қилиш, тарқалишнинг эрта босқичларини аниқлаш, эпидемияга қарши туриш ва унинг оқибатларини камайтириш чоралари киради.

Учинчидан, пандемия меҳнат хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини кўрсатди. Бу тўғридан-тўғри янги касалликка қарши курашнинг бошида турган, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган тиббиёт ходимларига тегишли.