Коронавирус инфекциясига чалинган тошкентлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи 51 ёшли Р.Н. (эркак)ни сўнгги 3−4 кун давомида ҳансираш безовта қилган.

4 июль куни бемор Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ётқизилган ва «COVID-19» инфекциясига намуна олиниб, инфекция билан касалланганлиги тасдиқланган. Кўкрак қафаси рентген текширувидан ўтказилганда икки томонлама пневмония аниқланган.

«Даволаниш динамикасида беморнинг аҳволи оғирлашиб, нафас етишмовчилиги ва ҳансираш кучайган. Шундан сўнг у 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ўтказилган. Бемор бундан аввал эпилепсия касаллиги билан назоратда турган, 2-гуруҳ ногирони», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, шифохонада бемор бир неча марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан онлайн режимида консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.