Коронавирус беморлари орасида яна икки нафар ўлим ҳолати қайд этилди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Учтепа туманида яшовчи 83 ёшли онахон Ш. Т.ни 25 июндан тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, ҳансираш ва нафас сиқиши безовта қилган. 28 июнь куни эса коронавирус аниқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.

30 июнь куни тос суяги буйинчаси синганлиги сабабли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ўтказилган.

Унга «COVID-19» оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама пневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Шунингдек, бемор икки томонлама гонартроз, икки томонлама коксоартроз каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Бемор бундан аввал, кўп йиллардан буён гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб келади. 2019 йилдан бери эса ётоқ ҳолатда бўлган (тизза ва тос-сон буғимлари остеоартрози, жорий йил 16 июнь куни эса йиқилиб тушиши оқибатида тос суяги буйинчаси синган).

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мутахассислар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни шифокорлар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Бундан ташқари, Афғонистон давлати фуқароси 40 ёшли М.Ҳ. (эркак)ни 2−3 кун давомида йўтал ва тана ҳарорати кўтарилиши безовта қилган. 21 июнь куни тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга «СOVID-19», икки томонлама пневмониянинг ўта оғир кечиши, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шифохонада бемор бир неча марта мутахассислар томонидан онлайн консультация қилинган, даволаш жараёни уларнинг тавсияси асосида олиб борилган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Ўзбекистонда коронавирус асоратларидан вафот этган беморлар сони 47 нафарга етди.