Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида охирги 14 кунда коронавирус бўйича аниқланган ҳолатларнинг 52 фоизи чет элдан келган фуқароларда, 48 фоизи эса мамлакат аҳоли орасида аниқланганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, аҳолининг белгиланган карантин талабларига риоя этмаслиги ва интизомнинг йўқлиги коронавирус инфекциясининг мамлакатда аҳоли орасида кўпайиб боришига сабаб бўлмоқда. Мисол тариқасида соғлиқни сақлаш вазири тўйларга рухсат берилганига тўхталиб ўтди.

«Маълум муддат тўйлар бўлмади. Кейин тўйларга рухсат берилди, чекловлар билан. Лекин битта Тошкент шаҳарни ўзида охирги бир ой ичида тўртта тўйимизда 110 та касалланган аниқланди. Бундан ташқари, Юнусобод туманида бўлиб ўтган тўйнинг ўзида касал пайдо бўлди. 30 кишилик бўлиши керак бўлган тўй бир кунда 3 маҳал ўтказилган. 100 дан ортиқ одамни тўйга таклиф қилган ва натижада бутун оила аъзолари ҳам касалликка чалинган», — дея маълум қилди Алишер Шодмонов.

Шу билан бирга, аҳоли ва ишчилар бозорларда, савдо мажмуаларида, банкларда, иш жойларида карантин талабларига риоя қилмаганлиги оқибатида қаерда ва нечта одам касалликка чалингани ҳам айтиб ўтилди.

«Охирги бир ой ичида Ўрикзор бозорида 35 та касалланган аниқланди. Бу бозорда ишлайдиганлар ҳам ва кириб чикаётганлар ҳам. Юнусобод бозорида 39 та, Чорсу бозорида 11 та, Абу Сахийда 47 та, Иподром бозорида 52 та аниқланди. Шу билан бир қаторда, савдо мажмуаларимизда бир ой ичида 20 тадан ошиғида аниқланди. Банк ҳодимларимиздан 34 тасида аниқланди. Қурилиш ташкилотларини оладиган бўлсак, 200 дан ортиқ қурилишда ишлаётганлар ичида аниқланиб, бугунда даволаш ишлари олиб борилмоқда. Тадбиркорлик объектларида 63 та, меҳмонхоналаримиздан 15 та чиқди. Давлат идораларидан 18 та ҳолат ва акционерлик жамиятларда 17 таси чиқди. Бу вирус кириб бормаган жойни ўзи қолмади», — дея таъкидлади соғлиқни сақлаш вазири интервьюда.

Оғир беморлар ва ўлим ҳолатларининг ўсиб бориши

Вазир, шунингдек, интервьюда ўта оғир беморларнинг ҳолатлари ва айримларининг кеч мурожаат қилаётгани ўлим сонларининг ўсишига олиб келаётганлиги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

«Беморлар сони кўпайганидан кейин оғир тоифадагилар сони ҳам кўпаяди. Ўлим ҳам, минг афсус, ошиб боради. Ўлим сабабларини таҳлил қилиб чиққанимизда, бунга таъсир қилувчи биринчи омиллар бу ҳамроҳ касалликлари. Лекин 50 фоизида кеч мурожаат. Касаллик белгилари бошланган, лекин уни менсимасдан бу оддий грип дея ўзини уйида оила аъзоларини ҳам хавф хатарга кўйиб, касалликни юқтириб, вақтида мурожаат қилмасдан бизга келиб, охирги бир ҳафта ичида ўлиб қолаётганлар кўпайишни бошламоқда. Бу кассалик ўпкага таъсир этиб, ўпкани вирус чандиққа айлантириб бўлганидан кейин у ерда [организмда — таҳр.] кислород билан таъминлаш қобилияти бутунлай йўқолади. Уни тиклаб бўлмайди», — деди Алишер Шодмонов.

Соғлиқни сақлаш вазири ҳамроҳ сурункалик касалликлар борларда коронавирус инфекцияси оғир кечаётганини маълум қилди. Бунда қуйидагилар алоҳида эътиборга лойиқ:

  • қандли диабет;
  • семизлик;
  • юрак қон-томир касалликлари.

Аломатларсиз беморлар

Вазир интервьюда аломатларсиз беморлар ҳақида ва уларнинг уйда даволаниши мумкинлиги бўйича изоҳ бериб ўтди. Унинг сўзларига кўра, аломатларсиз ва енгил аҳволдаги беморларни уйда даволаш тартиби дунё бўйлаб мамлакатлар амалиётида бор эди. Бу амалиёт бизда энди татбиқ этилиши бошланди.

«Ҳаммасига ПЦР лабораторияларда тестдан ўтказамиз ва касалликни биз исботлаймиз. Бундан сўнг, қўлига эслатма бериб, уйда қайси режимда бўлиши керак, нималарга эътибор бериш кераклигини айтамиз. Улар уйда кузатувда олиб борилади. Кузатув асосан телефон орқали бўлади. Поликлиника ходимларимиз улар билан ҳар куни алоқа қилиб туради ва имконият бор жойда видео-алоқа ўрнатади. Агарда биронта клиник белгилари пайдо бўлса, уни шу заҳоти махсус тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб борамиз», — дея тушинтирди вазир.

Иккинчи тўлқинга тайёргарлик

Вирус фаоллашадиган бўлса ёки иккинчи тўлқин келадиган бўлса, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими бунга бардош бера оладими ва бунга қанчилик тайёр саволига, соғлиқни сақлаш вазири қуйидагича жавоб берди:

«Биздаги мавжуд юқумли касалликлар шифохоналари ҳозир ишлаб турибди, биз бир қатор умумий йўналишдаги шифохоналаримизни йўналишини ўзгартириб, ҳозир юқумли касалликларга мослаштирдик. Шу билан бирга, биз ҳозир шошилинч ёрдамни тўлиқ таъминлаб беряпмиз. Туғруқ, ҳомиладорларга ёрдам, ижтимоий йўналишларга хизмат кўрсатиш ҳам тўла таъминланяпти. Лекин касаллик авж оладиган бўлса, бизнинг тиббиёт тизими оғир ҳолатга тушиб, ана шу ёрдамлар тўхтаб қолиши мумкин. Шунинг учун, ҳозир биз ҳаммамиз тенг ҳаракат қилиб, бу касалликни тарқалишини олдини олиб, оғир беморлар сонинни камайтириб, шифохона реанимацияга тушаётганларни сонини ҳам камайтириб, буни юргизишимиз керак», — дея таъкидлади Алишер Шодмонов.

Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Тошкент шаҳарни ўзида 14 та шифохонада беморларга ёрдам берилмоқда. Яна 4 та шифохонада коронавирус беморлари билан мулоқотда бўлган гумони борларга хизмат кўрсатадиган шифохонага айлантирилган . Республика бўйлаб эса ҳар битта вилоятда энг камида иккитадан шифохонани юқумли касалликлар ва кўп тармоқлилар учун тайёрлаб қўйилган.

«Биз тўлиқ ёрдам бериш имкониятига эгамиз. Лекин биз қўшниларда ҳам, бошқа давлатларда ҳам кўриб турибмизки, улар стадионларга, спорт залларга, таълим муассасаларига, ётоқхоналарга ҳам жой қиляпти. Булар бунга ихтисослашмаган, ёрдам бериш имконияти, асбоб ускуна йўқ. Демак, беморларни вақтинча шу ерларга олиб келаяпти ҳолос. Шундан қутилишимиз учун биз ҳозир ҳамма ҳаракатларни кучайтиришимиз керак. Ҳаммамиз тўғри тушуниб, чекловни, карантинни қаттиқ ушашимиз керак. Буни жиловлаш мумкин», — деди соғлиқни сақлаш вазири.