Ўзбекистон илк бор БМТ таркибига кирувчи Саноатни ривожлантириш ташкилотининг (UNIDO) «Рақобатбардош саноат унумдорлиги» индексига киритилди, дея маълум қилди Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Ушбу индекснинг 2020 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон 0,017 балл билан 152 та мамлакат орасида 92-ўринни, МДҲ давлатлари орасида эса 5-ўринни эгаллади.

«Ўзбекистон мазкур индекс таркибидаги „Саноат ишлаб чиқариш қўшилган қийматининг ЯИМдаги улуши“ индикаторида 0,566 балл билан 18-ўринни (жаҳон бўйича ўртача 0,343 балл) ҳамда „Саноатлаштириш интенсивлиги“ индикаторида 0,406 балл билан 43-ўринни (жаҳон бўйича ўртача 0,323 балл) эгаллаб, дунёда ва ривожланаётган мамлакатлар орасида ўртача кўрсаткичлардан юқори эканлиги қайд этилган», — дейилади вазирликнинг хабарида.


МДҲ аъзоларига берилган баҳолар жадвали. Манба: Молия вазирлиги

Қайд этилишича, мазкур индекснинг юқори бешталигидан Германия, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ ва Япония каби юқори саноат унумдорлигига эга мамлакатлар ўрин олган.

Маълумот учун, «Рақобатбардош саноат унумдорлиги» индекси (Competitive Industrial Performance Index) 1996 йилдан бошлаб мамлакатларнинг саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти, технологик такомиллаштириш ҳамда модернизация қилиш даражаси, мамлакат саноатининг жаҳонга таъсири даражасини баҳолаб, икки йил олдинги статистик маълумотлар асосида ҳар икки йилда бир маротаба эълон қилиб боради.