Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати 1-синфга қабул жараёни 6 июлдан бошланиши ҳақида маълум қилган эди.

Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, 1-синфга ўқувчиларнинг ҳужжатлари қуйидагича қабул қилинади:

  • 6−31 июль кунлари — бириктирилган микроҳудуд доирасида;

  • 1−25 август кунлари — мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқари.

Шунингдек, пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни qabul.maktab.uz орқали (5 июлдан) онлайн навбат асосида амалга оширилади. Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади, дейилади вазирлик хабарида.

«Газета.uz» 1-синфга ҳужжат топшириш учун qabul.maktab.uz сайтида онлайн навбатга ёзилиш бўйича қўлланмани тақдим этади. Қўлланма Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Керакли ҳужжатлар

1-синфга қабул учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

  1. Директор номига ариза;

  2. Боланинг туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;

  3. Ота-онанинг паспорт нусхалари;

  4. Боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;

  5. Боланинг 3,5×4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;

2020 йилнинг 31 августига қадар 6,5 ёшга тўлмаган, 1-синфда ўқиш истагини билдирган болаларнинг ота-оналари билан умумтаълим муассасасининг педагог ва психологи томонидан болани мактабда ўқишга тайёрлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.

Рўйхатдан ўтиш

Рўйхатдан ўтиш жараёнини бошлаш учун qabul.maktab.uz сайтига кириб, «Қабулга ёзилиш» тугмасини босиш керак.

Фото: qabul.maktab.uz сайти

Ҳозирда хизмат фақат Тошкент шаҳри учун бўлганлиги сабаб, бошқа вилоятни танлаш иложи йўқ.

Сўнгра, фойдаланувчи фарзандининг тумани ва мактаб рақамини (номини) танлаш керак.

Сўнгра мактаб директори билан қабул санасини ва вақтини танлаш керак.

Кейин, туғилганлик гувоҳномасининг серияси, рақами ва туғилган куни тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш керак.

Қидирилган маълумот топилмаган тақдирда боланинг фамилия, исми ва отасининг исмини киритинг.


Эслатма: марказлашган база тизимига фарзандингиз тўғрисида маълумотлар киритилган/киритилмаганлигини текшириш учун «Маълумотлар баъзасидан қидириш» тугмаси босилади.

Фойдаланувчи фарзандининг фамилияси, исми ва шарифини киритиб бўлгач, алоқа учун телефон рақамини қолдиради.

Махсус ҳимоя кодини киритиб, «Сақлаш» тугмаси босилади.

Ҳужжатларни тасдиқаш

Асосий маълумотларни тўлдириб бўлгач, ҳужжатлар мавжудлигини тасдиқлаш керак.

Агар ҳужжат мавжуд бўлса унинг ёнида белги қўйилади.

Пайдо бўлган ойнада «Қабул қиламан» пункти олдида тасдиқлаш белгиси қўйилади ва «Сақлаш» тугмаси босилади.

Сўнгра ҳужжатларни тасдиқлаш бўлимидан кейин жойлашган «Сақлаш» тугмаси босилади.

Маълумотлар қабул қилингандан сўнг, уларни юклаб олиш тугмаси пайдо бўлади.


«Юклаб олиш» тугмасини босиб, қабул учун ҳужжат нусхасини олиш мумкин.

Ҳужжат намунаси. Фото: qabul.maktab.uz

Энди фойдаланувчи ушбу ҳужжат асосида белгиланган сана ва кўрсатилган вақтда керакли таълим муассасасига фарзанди билан бориши керак. Ушбу ҳужжат эса навбатга ёзилганлиги ҳақида тасдиқлаш қоғози ҳисобланади.