Наманган вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази (СЭОМ)даги талон-торожликлар фош этилди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, вилоят СЭОМ мансабдор шахслари «F.B.», «A.T.» ва «H.S.» МЧЖлар билан 275,9 млн сўм бўлган «гипохлорид калций» дизенфекцияловчи воситасини 524,8 млн сўмга сотиб олиш бўйича шартномалар тузган.

Шу йўл билан улар дезинфекцияловчи воситаларини ўртача бозор нархидан 248,9 млн сўмга қиммат нархларда сотиб олиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан марказнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ СЭОМ мансабдор шахслари худди шу йўл билан Навоий вилоятида 222,3 млн сўм, Бухоро вилоятида 202,5 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-тарож қилган эди.