Молия вазири Тимур Ишметов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида, мустақил хорижий директорлар орқали давлат банклари раҳбарлигини назорат қилиш тизими жорий этилганини маълум қилди.

6 июль куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2020−2025 йилларга мўлжалланган стратегияни амалга ошириш ва тижорат банклари конверсиясини тезлаштириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда банклар портфелидаги муаммоли кредитлар улуши бир неча баравар кўпайиши мумкинлигини кўрсатадиган стресс-тест натижалари муҳокама қилинди. 1 октябрдан кейин баъзи корхоналар кредитларга хизмат қила олмаслиги тахмин қилинмоқда.

Давлат раҳбари минтақалар бўйича муаммоли кредитларни таҳлил қилишни ва кредит портфеллари сифатини сақлаб қолишнинг самарали механизмини яратишни топширди.

Тимур Ишметов коронавирус пандемияси сабабли юзага келган инқироз туфайли тадбиркорлар учун банк кредитлари муддатлари узайтирилганини, шунингдек янги кредитлар берилганини таъкидлади. Аммо, шу билан бирга, агар вазият шундай давом этадиган бўлса ва банклар томонидан тегишли чоралар кўрилмаса, муаммоли кредитлар улушинининг кўпайиш хавфи мавжудлиги маълум бўлди.

Молия вазирлигига банклардаги давлат улушининг акциядори сифатида, кузатув кенгашидаги мустақил аъзолар орқали улар устидан назоратни кучайтириш топширилди.

«Бугунги кунгача давлат банклари кузатув кенгашларига жами 14 нафар чет эллик мустақил директор жалб қилинган. Ҳозирда яна 11 киши билан музокара олиб борилмоқда. Яқин кунларда давлат банклари кузатув кенгашларида 25 нафар чет эллик мустақил аъзолар бўлади. Ва йил охирига қадар биз кузатув кенгашларидаги бундай чет эллик мустақил аъзоларнинг улушини камида 30% гача оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик», — деди Молия вазирлиги раҳбари.

Банкларни бошқариш устидан назорат Молия вазирлигига бевосита бўйсунувчи мустақил директорлар орқали кучайтирилади.

«Банкларнинг ҳар қандай сиёсати — бу валюта сиёсати бўлсин, кредит сиёсати бўлсин ёки бизнес-сиёсати — кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. Бундай профессионал мустақил директорлар бизга бундай тизимни яратишда ёрдам беради», — дея таъкидлади вазир.

Молия вазирлиги раҳбари баъзи давлат банкларининг филиалларида кредит бериш пайтида коррупция ҳолатлари мавжудлигини тан олди.

«Айрим йирик кредитлар тушунарсиз ҳолда тижорат банклар томонидан тасдиқланиб, чиқиб кетган. Булар муаммоли кредитларга сабаб бўлмоқда. Айтишимиз мумкинки, бу етарли даражада назоратнинг йўқлиги билан боғлиқ», — деди у.

Мустақил аъзолар орқали назорат тизимини жорий этиш банк ишида масъулиятни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, бу орқали банклар раҳбарияти устидан назоратни кучайтириш, банкларнинг тўғри ишлашини рағбатлантириш ва қоидабузарларни жазолаш кўзланмоқда.