Чилонзор туман Туман санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассислари хулосасига кўра, Tashkent Trade Center («Абу Сахий») профилактика тадбирларини ўтказиш учун вақтинча ёпилди, дея хабар берди Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Матбуот хизматининг хабар беришича, 6 июль куни коронавирус тарқалишига қарши профилактика чоралари доирасида савдо маркази маъмурияти ходимлари ва ушбу марказда ишлаётган тадбиркорлардан COVID-19 учун тест намуналари олинди.

«Тест таҳлиллари натижасига кўра, бир неча маъмурият ишчилари ва савдо ходимларида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги май ойида коронавирусни эрта аниқлаш учун мамлакатнинг барча ҳудудларидаги, шу жумладан Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо марказларида оммавий тестлар ўтказаётганини маълум қилди. Аввалроқ, «Ўрикзор», «Флешка» («Малика») мажмуаларида ва Юнусобод туманидаги деҳқон бозоридаги савдогарларда касаллик аниқлангани маълум бўлган эди.