Коронавирус инфекциясига чалинган тошкентлик бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 79 ёшли Х.Б. (эркак киши) жорий йил 19 июнь кунидан тана ҳарорати кўтарилиб, йўтал безовта қилган. Шунга қарамай, мутахассисларга мурожаат қилмасдан бир ҳафта давомида уйида даволанган.

«2 июль куни эса биринчи маротаба оилавий поликлиникага мурожаат қилган. Фуқародан „COVID-19“ инфекциясига намуна олинган ва хонадонида дезинфекция ишлари амалга оширилган. Унга „COVID-19“, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, паркинсонизм касаллиги ташхиси қўйилган», — дейилади хабарда.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.