Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ватандошларни Россия ва Қозоғистон чегаралари очилгани ҳақидаги хабарларга ишонмасликка чақирди.

«Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва оммабоп мессенджерларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси чегараси очилгани ва Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон орқали ўз ватанларига қайтишлари мумкинлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, шахсий транспорти орқали йўловчи ташувчи шахслар Россия-Қозоғистон давлат чегарасигача етказиб қўйиш учун йўловчилар йиғаётганлари, ҳамда чегарани кесиб ўтишда „ёрдам беришга“ ваъда бериб рекламалар тарқатишмоқда», — деб ёзади ТИВ.

Вазирлик провокацияларга берилмасликни сўради ва Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонда йўлга қўйилган карантин чекловлари ўз кучида қолаётгани ҳақида эслатди.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Самара вилоятининг Болшая Черниговка қишлоғида, Оренбург вилоятининг Бузулук тумани ва Соль-Илецк шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши яна кузатилмоқда. Вазирликнинг таъкидлашича, аксарият фуқаролар Россиянинг турли бурчакларидан келган ва ўз ватанларига Қозоғистон ҳудуди орқали қайтиш ниятида.

«Биз яна бир бор Россия ҳудудидаги ватандошларимиздан провокацияларга берилмасликларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегара пунктларига боришга уринмасликларини, мавжуд яшаш жойларида қолишни ва карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Пандемия шароитида фуқароларнинг чегарада тўпланиб қолиши касалланиш хавфи юқори бўлган одамлар гуруҳида вирус юқтириш хавфини оширади, дея таъкидлайди ТИВ.