27 июнь куни Самарқанд вилоятида туғилган сиам эгизаклари кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги сабабли вафот этишди, дея хабар берди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 25 июнь куни фуқаро М.Ч. ҳомиланинг 38 хафталиги билан Самарқанд вилояти Перинатал марказига мурожаат қилган ҳамда 27 июнь, шанба куни ундан сиам эгизаклари дунёга келган.

Чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги борлиги, уларга доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олиши ҳамда тажрибали мутахассислар назоратида бўлиши зарурлиги сабабли эгизаклар 29 июнь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган эди.

«6 июль куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлар томонидан ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан, чақалоқларда кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги сабабли дастлаб соат 7:50 да сиам эгизакларининг биринчиси, 10:50 да эса иккинчиси нафас ва юрак етишмовчилиги туфайли вафот этди», — дейилади хабарда.