Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг 172 нафарида пневмония жараёни кечмоқда, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекциясининг дунё мамлакатлари аҳолиси орасида тарқалиши янада шиддатли тус олаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Қўшни мамлакатларда ҳам сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланганлар сони кескин кўпайган. Оқибатда тиббиёт тизими катта босим билан ишламоқда, жой ва дори-дармон тақчиллиги юзага келган», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистонда ҳам охирги кунларда аҳоли орасида касаллик қайд этилиши сезиларли даражада ошган. Касаллик қайд этилган ва даволанаётган 3524 нафар беморнинг 172 нафарида пневмония жараёни кечмоқда. Беморларнинг 285 нафарининг аҳволи ўрта оғир, 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Сўнгги маълумотларга кўра, беморларнинг 6584 нафари соғайган бўлса, ўлим кўрсаткичи 35 нафарга етди.

«Юртимизда коронавирус билан боғлиқ ҳар қандай хавотирли ҳолатга қарши олдиндан зарур чоралар кўрилган бўлса-да, коронавирус юқтирганларнинг ошиб бораётгани барчамизни хушёр торттириши лозим», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилишларини, ва албатта, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқобни тўғри тақиш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўради.