Марказий банк 2020 йил апрель-июнь ойлари мобайнида Ўзбекистон банк тизимида нақд пуллар айланмаси 14,6 трлн сўмга тенг бўлди ва бу кўрсаткич коронавирус пандемияси таъсирида шаклланди. Бу ҳақда банк ўзининг «Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ"ида маълум қилди.

Унга кўра, 2020 йил апрель-июнь ойларида Ўзбекистон банк тизимида нақд пуллар айланмаси коронавирус пандемияси шароитида юзага келган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар таъсирида шакллангани таъкидланди.

Жумладан, март ойининг иккинчи ярмидан эълон қилинган карантин талабларининг май ойига келиб бироз юмшатилиши натижасида иқтисодиёт субъектларининг фаоллашуви банклар кассалари орқали нақд пуллар айланмаси динамикасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

«2020 йил апрель ойида банклар кассаларига нақд пул тушумининг март ойига нисбатан қарийб 41 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида апрелга нисбатан 85 фоизга кўпайиб, 14,6 трлн сўмни ташкил этди. Бироқ, июнь ойидаги кўрсаткич карантин шароитидан олдинги даврдаги ҳолатдан (январда — 15,8 трлн сўм) бироз камлигича қолмоқда. Шунингдек, бу кўрсаткич эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши ва карантин талабларининг юмшатилиши ортидан кейинги ойларда ижобий томонга ўзгаришини кутиш мумкин», — дейилади хабарда.

Нақд пул тушумлари ҳажми ва таркиби динамикаси (млрд сўмда)

Манба: Марказий банк

Нақд пул тушумларининг июнь ойида апрелга нисбатан ўсиш ҳажмининг қарийб 3,5 трлн сўми савдо ва пуллик хизматлардан, 1,4 трлн сўми банк хизматлари бўйича тушумлар ҳиссасига тўғри келди.

Бу «яшил» ва «сариқ» ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг қайта тикланиши ҳамда автомашиналар ҳаракатига нисбатан таъқиқларнинг юмшатилиши, шунингдек, аҳоли томонидан бўш маблағларни банк омонатларига, кредитларнинг қайтарилишига ҳамда нақд чет эл валютасини сотиб олишга йўналтирилиши ҳисобига юзага келгани маълум қилинди.

Нақд пул тушумлари ҳажми ва таркиби динамикаси (млрд сўмда)

Манба: Марказий банк

Шархга кўра, апрель ойида банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар март ойига нисбатан 35 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан 53 фоизга кўпайиб, 14,8 трлн сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, нақд чет эл валютасини сотиб олиш деярли короновирус эпидемиясидан олдинги даврдаги ҳолатга яқинлашган — 3,7 трлндан 3,1 трлнгача. Бу кўрсаткич апрель ойидан икки бараварга ошган (1,5 дан 3,1 трлнгача).

Нақд пулдаги чиқимлар ҳажми ва уларнинг таркибий динамикаси (млрд сўмда)

Манба: Марказий банк

«Карантин шароитида пенсия ва нафақа тўловлари, бюджет тизими ташкилотлари, шунингдек, фаолиятини тўхтатмаган стратегик корхоналар ходимларининг иш ҳақларининг тўлаб борилиши натижасида банклардан ушбу мақсадлар учун нақд пуллар чиқими нисбатан барқарор сақланиб қолди», — дейилади Марказий банк шарҳида.

Банклардан нақд пулдаги чиқимлар ҳажми ва уларнинг мақсадлари бўйича таркибий динамикаси (млрд сўмда)

Манба: Марказий банк

Марказий банкнинг хабарида қайд этилишича, июнь ойида банк карталарига жами 15,9 трлн сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 6,1 трлн сўм аҳоли томонидан нақдлаштириб олинди.


Банк карталарига келиб тушган маблағлар ва уларни нақдлаштириш ҳажми динамикаси (млрд сўмда)

Манба: Марказий банк