Коронавирус инфекциясига чалинган тошкентлик бемор (эркак киши) ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Учтепа туманида яшовчи А. бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган.

2 июль куни Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтган ва текширув натижасига кўра, пульмонолог тавсиясига асосан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган.

«Беморга „икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг 3-даражаси“ ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган», — дейилади хабарда.

Реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, коронавирус инфекциясига чалинган 67 ёшли тошкентлик бемор (эркак киши) ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганди.