Коронавирус инфекциясига чалинган тошкентлик бемор (эркак киши) ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М. (эркак киши) 26 июндан томоғида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган.

1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

«Шу куни ундан „COVID-19″ инфекциясига таҳлил олиниб, зудлик билан реанимацион муолажалар бошланган. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги“ ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган», — дейилади хабарда.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.