Коронавирус инфекциясига чалинган пойтахтлик беморнинг шифокорга кеч мурожаат қилиши унинг вафотига сабаб бўлди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

45 ёшли пойтахтлик беморда бир неча кун давомида коронавирус инфекцияси аломатлари сезилиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик кузатилган.

Аммо шундай бўлишига қарамасдан у шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмай, уй шароитида даволаниб юрган.

Натижада шу йилнинг30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморга (эркак киши) юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар ва етакчи мутахассислар томонидан керакли маслаҳат вателемедицина орқали бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди.

Аввалроқ Тошкентда коронавирус инфекциясига чалинган 71 ёшли бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани хабар қилинган эди.