Ўзбекистон Фанлар академияси олимлари COVID-19 РНКсини ажратишга мўлжалланган диагностик тўплам ишлаб чиқишди, дея хабар қилди ЎзФА матбуот хизмати.

Ушбу тўплам ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши, қулайлиги ва арзонлиги каби устунликларга эга. У академиянинг Ўсимлик моддалари кимёси институти ходимлари томонидан ишлаб чиқилган.

SARS-CoV-2 вируси РНКсини ажратишга мўлжаллаб ишлаб чиқилган ушбу тўплам дунёда ишлаб чиқариладиган аналоглари билан таққосланганда сезгирлиги, ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши (1 соат), қулайлиги ва арзонлиги (камида 30 фоизга арзонроқ) каби устунликларга эга, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, унинг клиник синовлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги лабораторияларида, шу жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг махсус лабораториясида ўтказилган ва ижобий натижаларни кўрсатган.

У ENKOR номи билан рўйхатдан ўтказилган ва кенг кўламда ишлаб чиқариш учун рухсат берилган.
Бундан ташқари, ушбу тўплам ёрдамида гепатит В, гепатит С, одам иммун танқислиги вируси (ВИЧ) РНК/ДНКсини ажратиш мумкин.