Машҳур аралаш яккакураш жангчиси, UFCнинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони Хабиб Нурмагомедовнинг отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов Москвада вафот этди, дея хабар беради Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ўз Telegram каналида.

«Дўстлар, менга қайғули хабарлар етиб келди. Абдулманап Нурмагомедов бу дунёни тарк этди. Мен бутун чечен халқидан Абдулманап Магомедовичнинг оиласига самимий ҳамдардлик билдираман! У яхши ном, муносиб авлодни вояга етказиб, бизни тарк этди! Бу Аллоҳнинг иродасидир ва бу тақдир!», — деб ёзди Чеченистон раҳбари.

Eurosport хабар беришича, 25 апрель куни Абдулманап Нурмагомедов икки томонлама пневмония билан касалхонага ётқизилган. Кейинчалик у инсульт ва юрак жарроҳлигини бошидан кечириб, комага тушиб қолганди. Таъкидланишича, унга коронавирус ташхиси қўйилган.

Россия президенти Владимир Путин Хабиб Нурмагомедовга телефон қилиб ҳамдардлик билдиргани маълум қилинади.

Маълумот учун, Абдулманап Нурмагомедов 1962 йили Доғистонда туғилган. У дзюдо ва самбо бўйича Россияда хизмат кўрсатган мураббий ва жанговар самбо бўйича Доғистон терма жамоаси катта мураббийи сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, 2019 йил сентябрь ойида Абдулманап Нурмагомедов жанговар самбо бўйича энг кўп чемпионларни тарбиялагани учун Россия рекордлар китобига киритилган. У 18 жаҳон чемпионини тарбиялаган.