Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида айрим ходимларнинг коронавирус инфекциясини юқтириб олгани тасдиқланди. Бу ҳақда Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Аввалроқ мазкур тиббиёт муассаси ходими С.Аҳмадов ижтимоий тармоқ орқали президентга мурожаат қилиб, ўзи фаолият олиб бораётган шифохонадаги айрим ходимларда коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса-да, масъуллар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмагани баён этган эди.

Олиб борилган ўўрганиш ва суриштирув ишларига кўра, ҳақиқатан ҳам мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг бир неча нафарида коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки ҳолатлари қайд этилганлиги ўз тасдиғини топган.

Вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг реанимация бўлими карантинга ёпилиб, ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан қўриққа олинган.

Муассасада фаолият олиб бораётган бошқа барча тиббиёт ходимлари, беморлар ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган барча фуқаролар умумий назоартга олиниб, карантин тартиблари қатъийлаштирилган.