Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги дипломатик ваколатхонаси ва Халқаро Шодиев фонди (ICF) Москвада коронавирус пандемияси шароитида меҳнат мигрантларини тиббий қўллаб-қувватлаш дастурини бошлади. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Ушбу дастур доирасида COVID-19 касаллиги билан алоқада бўлган ёки бирга яшаб келган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари, шунингдек ўткир респиратор вирусли инфекция белгилари бўлганлар, касаллик ва инфекцияга қарши антитаначалар мавжудлигини бепул текшириш имкониятига эга бўладилар.

Хабарга кўра, текшириш натижасида инфекцияга эга бўлмаган ёки коронавирусга қарши антитаначаси бўлган мигрантларга иш жойига қайтиш учун расмий тиббий маълумотнома берилади. Шунингдек, салбий натижага эга бўлган, аммо ўткир респиратор вирусли инфекция аломатлари бўлган мигрантлар тиббий ёрдам ва дори-дармонлардан мустақил равишда фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Бунда, коронавирус инфекцияси аниқланган мигрантлар Россиянинг санитария-эпидемиология қоидаларига мувофиқ ҳолда, давлат тиббий муассасаларида карантинга олинадилар ва керакли муолажалардан ўтадилар. Шу билан бирга, касалларнинг ҳолати даволаниш давомида кузатилади ва уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Хабарда таъкидланишича, икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Халқаро Шодиев фонди тиббий хизматларни тақдим этиш ва синов тўпламлари ва дори-дармонларни сотиб олиш учун маблағ ажратади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси меҳнат мигрантлари рўйхатларини ташкил қилиб, тиббиёт муассасаларига тақдим этади. Дастур доирасида тиббий гуруҳлар ваколатхона томонидан тасдиқланган муассасаларга, масалан, камида 15−20 мигрант истиқомат қиладиган ётоқхоналарга ташриф буюрадилар.

Дипломатик ваколатхона раҳбари Саиднўъмон Мансуровнинг таъкидлашича, лойиҳа ватандошлар ва улар билан алоқада бўлган одамлар орасида инфекцияни, шунингдек, оғир касалликлар ва ўлимни олдини олиш учун мўлжалланган. «Синов натижалари тўғрисидаги сертификатга эга бўлиш, имкон қадар тезроқ ўз ишини тикламоқчи бўлганларга катта ёрдам беради». — деди у.

Тест синовлари учун аризалар Дипломатик ваколатхона томонидан +7 925 957 56 46 телефон рақами орқали қабул қилинади.