Ўзбекистон президентнинг 3 июль куни қабул қилган қарорига асосан соғлиқни сақлаш вазирининг тўрт нафар ўринбосари тайинланди, дея хабар берди вазирликнинг матбуот хизмати.

Эльмира Баситханова

Қарорга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Эльмира Баситханова соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди.

Э. Баситханова 1958 йилда туғилган. 1981 йилда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тамомлаган, тиббиёт фанлари доктори.


Маълум қилинишича, Эльмира Баситханова Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасида фаолиятини бошлаган ва кўп йиллар бош шифокор сифатида, шунингдек, бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, сўнг Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.

Улуғбек Сабиров

Президент қарори билан Улуғбек Сабиров ҳам соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди.

Тайинловга қадар, У. Сабиров 2013 йилдан айни пайтга қадар Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори лавозимида самарали фаолият юритиб келган.


Маълумот учун, Улуғбек Сабиров 1974 йилда туғилган. 1997 йилда Тошкент давлат иккинчи тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)нинг даволаш иши мутахассислиги бўйича тамомлаган, тиббиёт фанлари доктори. Кўп йиллар давомида у Дерматология ва венерология илмий текшириш институтида турли лавозимларда ишлаган.

Шахрух Шарахметов

Бундан ташқари, президентининг қарори билан соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига Молия вазири ўринбосари бўлиб келаётган Шахрух Шарахметов тайинланди.


Таъкидланишича, шу вақтгача ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келган Баходир Низомов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ўз лавозимидан озод этилди.

Маълумот учун, Ш. Шарахметов 1977 йилда туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1999 йилда эса Буюк Британиянинг Эксетер университетини иқтисодчи, молия ва инвестициялар мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Абдулла Азизов

Навбатдаги тўртинчи тайинлов қаторида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига Абдулла Азизов тайинланди.

Тайинловга қадар А. Азизов 2006 — 2019 йилларда Данияда қатор нуфузли компанияларда масъул лавозимларда ишлаган. 2019 йил сентябр ойидан айни пайтга қадар Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.


А.Азизов 1981 йилда туғилган. 2003 йилда Япониянинг Нагоя университетини, 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган. Шунингдек, Даниянинг Орхус университети магистратурасини, Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган.

Хабар тўлдирилмоқда.