Тошкент вилояти Янгийўл туман ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими «Чинобод нефть база» МЧЖ филиалига ишга жойлаштиришга ваъда қилиб, 10 минг доллар олаётганда ушланди, дея хабар қилди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Лавҳада қайд этилишича, ИИБ ходими фуқарони «Чинобод нефть база» МЧЖ филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун 50 минг доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида у Тошкентдаги ИИВ Марказий госпитали яқинида келишилган пулдан 10 минг долларини олаётганда ушланган.

Бундан ташқари, ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда Самарқанд давлат университети ходимини 2020−2021 ўқув йили учун қабул комиссияси аъзоси ҳисобланган катта ўқитувчи билан икки нафар абитуриентдан ОТМга киритиб қўйишда ёрдамлашиш эвазига 6000 доллар олаётганда ушланди.

«Ўзбекистон 24» телеканали маълумотларига кўра, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси икки фуқародан давлат гранти асосида ушбу университетга ўқишга кириш учун ҳар биридан 5000 доллар сўраган. У аванс сифатида 2000 АҚШ долларини олдиндан олаётганда ушланган.

Телеканал лавҳасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва Чилонзор тумани ҳокимлиги бўлим бошлиғи 1 гектар ер учун 1,4 миллион доллар қийматидаги ҳужжатларни расмийлаштириш учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда ушлангани ҳам қайд этиб ўтилди.

Маълум бўлишича, гап Чилонзор туманида кўп қаватли уйлар ўртасидаги фойдаланилмаётган ер ҳақида бормоқда.