Project Hope (АҚШ) халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясига қарши кураш учун Ўзбекистонга гуманитар ёрдам юборди, дея хабар берди «Дунё».

30 июнь куни Uzbekistan Airways махсус бортида шахсий ҳимоя воситалари, антисептик ва дезинфекциялаш воситалари, коронавирусни аниқлаш учун 20 мингга яқин тестлар, шунингдек, умумий қиймати 600 минг долларга тенг дефибриллятор ва кардиомониторлар келтирилди.

Июль ойи бошида АҚШнинг Globus Relief нодавлат ташкилоти томонидан юборилган 800 минг долларга тенг — икки контейнер дори-дармон ва 2000 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар етказиб бериш режалаштирилган.

АҚШнинг яна бир нодавлат ташкилоти «Ёрдам кўрсатиш ва тараққиёт бўйича адвентистик агентлиги» 400 минг долларлик озиқ-овқат, гуруч, ўсимлик мойи, дуккакли экинлар, туз, шакар ва гўшт маҳсулотларини Ўзбекистоннинг муҳтож аҳолисига бериш лойиҳасини бошлади.

Барча маҳсулотлар мамлакат бозорлари ва супермаркетларида сотиб олинади ва бутун республика бўйлаб тарқатилади, шу жумладан, Сирдарё вилоятидаги сув тошқинидан жабр кўрганлар орасида ҳам.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси АҚШнинг бир қатор хайрия ташкилотлари билан учрашувларида Ўзбекистонга 1,8 миллион долларлик гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида келишувга эришилди, дейилади хабарда.