MAN юк автомашинаси ва Malibu енгил автомашинаси тўқнашуви оқибатида 3 киши вафот этди, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг матбуот хизмати.

Хабарда маълум қилинишича, 1 июль куни соат 12:00 да Самарқанд тумани Андижон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1095 километрида 51 ёшли Т.Т.нинг бошқарувида бўлган «MAN» русумли юк автомашинаси ва 49 ёшли З.Ж. бошқарувида бўлган «Malibu» русумли автомашина тўқнашган.

ЙТҲ натижасида «Malibu» автомашинасининг йўловчилари 50 ёшли М.К., 51 ёшли Ж.С. ва 48 ёшли А.А. лар олган тан жароҳатлари билан ҳодиса жойида вафот этганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинади.

«Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.