3 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9199 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 69 нафари Сурхондарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 48 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 32 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 16 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Тошкент вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида) аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 3138 киши даволанмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 6034 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган. Йигирма етти нафар киши ҳаётдан кўз юмган.

Эслатиб ўтамиз, 2 июль куни Ўзбекистонда 297 та коронавирус ҳолати аниқланиб, умумий кўрсаткич 9078 тага етганди. Кунлик ўсиш борасида янги рекорд қайд этилган эди.

Шунингдек, президент қарорига биноан Жаҳон банки иштирокида умумий қиймати 106,7 млн АҚШ долларилик COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш лойиҳаси амалга оширилади.