Президент қарорига биноан Жаҳон банки иштирокида COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш лойиҳаси амалга оширилади, дея хабар берди Адлия вазирлигининг матбуот хизмати.

«Лойиҳанинг мақсадлари Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш учун соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, карантин тадбирлари амал қилиши даврида кам таъминланган оилалар ва ишсизларга вақтинчалик нафақалар бериш тизимини кенгайтириш ҳисобланади», — дейилади қарорда.

Соғлиқ сақлаш вазирлиги бир ой муддатда ушбу лойиҳа доирасида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун сотиб олинадиган тиббий буюм, тиббий техника ва жиҳозлар рўйхати тасдиқланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги лойиҳа доирасидаги маблағлар ҳисобидан ишсизлик бўйича нафақаларнинг манзилли ажратилишини таъминлайди.

Қарорда маълум қилинишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 106,7 млн АҚШ долларини ташкил этади. Бунда Жаҳон банки томонидан ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 30 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан жами 95 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ажратилади.

Ўзбекистоннинг улуши эса жами 11,75 млн долларни, жумладан 6,88 млн доллар миқдоридаги солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда 4,87 млн доллар инвестиция даври мобайнидаги Ўзбекистон республика бюджетидан амалга ошириладиган тўловларни ташкил этади.

Маблағнинг аксарияти уй хўжаликлари ва жисмоний шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш (қарийб 57 млн доллар) ва Миллий соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган тиббий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналарини ва жиҳозларни шошилинч харид қилишга (37,5 млн доллар) сарфланади.

Қарорда таъкидланишича, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари Халқаро тараққиёт уюшмасининг (ХТУ) кредитидан мақсадли фойдаланиш ҳамда лойиҳани самарали амалга ошириш учун масъул ҳисобланади. Бунда, ХТУ кредитидан самарали фойдаланишни мониторинг қилиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибияти томонидан амалга оширилади.

ХТУ кредити бўйича қарзни тўлаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, комиссион ва бошқа харажатлар бўйича тўловлар республика бюджетидан қопланади.

Қарорда келтирилган ЖБ томонидан ажратиладиган қарзни сўндириш прогноз жадвалига кўра, Ўзбекистон 2049 йилга келиб ушбу 95 млн долларлик қарзни 141,2 млн доллардан ортиқ қилиб қайтариб беради. Бунда, қарз бўйича фоиз ставкаси 1,25% ва хизмат кўрсатиш комиссияси 0,75 фоиз ташкил этади.

Қарор билан «Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш» лойиҳаси параметрлари тасдиқланди.