Microsoft компанияси LinkedIn Learning, Microsoft Learn ва GitHub Learning Lab платформаларидаги курсларни бепул тақдим этди. Компания 2020 йил охиригача 25 миллион кишига янги касбни ўзлаштиришда ёрдам беришни режалаштирган. Бу билан Microsoft инқироздан сўнг иқтисодиёт тикланишини тезлаштиришда ва ишидан айрилган кишиларга ёрдам бермоқчи.

Материаллар махсус сайтда тўрт тилда бўлади: инглиз, француз, немис ва испан тилларида. Компания ўз ресурслари ёрдамида талаб катта бўлган 10 та касбни аниқлади. Улар:

  • дастурчи;

  • савод вакили;

  • лойиҳалар менежери;

  • IT-администратор;

  • мижозлар билан ишлаш мутахассиси;

  • рақамли маркетинг мутахассиси;

  • IT-мутахассис;

  • маълумотлар таҳлилчиси;

  • молиявий таҳлилчи;

  • график дизайнер.

Курсни бошлаш

Ўқув курсларини бошлаш учун махсус сайтга ўтиб, «Start learning» («Ўқишни бошлаш») тугмасини босиш керак.

Кейин фойдаланувчи олдида мавжуд бўлган касблар рўйхати пайдо бўлади ва бу ерда «Start learning» («Ўқишни бошлаш») тугмасини босиб, керакли касбни танлаш керак. Танланган касбга қараб, мос йўналиш ва видеодарсликлар пайдо бўлади (намуна сифатида «Software developer» танланди).

Касб танлангач, унинг саҳифаси очилади. Бу ерда «Start learning path» («Ўрганишни бошлаш») тугмасини босганда видеодарсликлар рўйхати пайдо бўлади.

Бундан ташқари, Microsoft иш қидириш учун бепул воситаларни тақдим этишга ваъда берди. Курс якунида истаганлар 15 доллар эвазига курсни якунлаганини тасдиқловчи сертификат олишлари мумкин. Компания таъкидлашича, ўқув курслари 2021 йил март ойининг охиригача бепул бўлади.

Бундан ташқари, Microsoft нотижорий компанияларга инқироздан зарар кўрган кишиларни қўллаб-қувватлаши учун 20 миллион доллар ажратади. Компания, шунингдек, ҳукуматларга маҳаллий даражада иқтисодиётнинг эҳтиёжларини яхшироқ англаб олишлари учун LinkedIn Economic Graph маълумотларига асосланган таҳлилларни тақдим этишга ваъда берди.